2023 йил 15, 16, 17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида Осиё Нейрохирургия Конгрессининг Марказий Осиё нейрохирурглари “Буюк Ипак Йўли” анжумани ва Минимал инвазив нейрохирургия жамиятининг 7-конгрессини юқори савияда ташкиллаштирилди. Ушбу анжуман Марказий Осиё Нейрохирургиясининг ривожланишида навбатдаги босқич сифатида тарихий ўрин тутди, зотан ушбу конгресс шу форматдаги анжуманларнинг биринчиси эканлигини таъкидлаш лозим. Замонавий ва келажак нейрохирургиясининг асосий негизини ташкил этувчи “Минимал инвазив нейрохирургия” бўйича 7-конгресснинг биргаликда Ўзбекистонда ўтказилиши эса минтақада, хусусан юртимизда соҳамизнинг ривожланишига янги қарашларни тадбиқ этишда катта аҳамият касб этади.
Конгресс давомида соҳанинг деярли барча йўналишларида қилинган илмий маърузалар ўз илмий янгиликлари, амалий аҳамияти, инновацияларнинг турли-туманлиги, қатнашувчиларнинг географияси кенглиги билан янада қизиқарли ва фойдали бўлганлигини таъкидлаш мумкин. Айниқса, конгресс доирасида ўтказилган “Эндоваскуляр хирургия ва қон томирлар анастомозлари ҳосил қилиш”, “Глиома, гипофиз ўсмалари хирургияси”, “Бош мия қон томирлари очиқ хирургияси” бўйича ўқув-амалий таълим курслари (workshop) ёш нейрохирургларнинг амалий кўникмаларини ҳосил қилишда жуда ҳам фойдали бўлганлигини алоҳида айтиш мумкин.
Ёш олимлар анжуманида нейрохирургия йўналиши 3-курс магистри Баходиржон Каримов шарафли 1-уринни забт этди. Офарин! Келгуси илмий изланишларда зафарлар ёр бўлсин.