“VATAN OZODLIGI YO‘LIDA SHAHID KETGANLAR XOTIRASI MANGU BARHAYOTDIR”
04.09.2023 йил Тошкент Тиббиёт Академияси 2-сон Травматология, ортопедия, ХДЖ ва нейрохирургия кафедрасида мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “ВАТАН ОЗОДЛИГИ ЙЎЛИДА ШАҲИД КЕТГАНЛАР ХОТИРАСИ МАНГУ БАРҲАЁТДИР!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда кафедра профессор-ўқитувчилари, магистр, клиник-ординатор ва талабалар иштирок этишди. Дастлаб кафедрамиз мудири т.ф.д. Хўжаназаров Илхом Эшкулович сўзга чиқиб, тадбирни очиб бердилар. Сўнг кафедра доценти Қосимов Аъзам Азимович маъруза қилдилар.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик мустаҳкам қарор топди. Катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, меҳр-оқибат туйғулари одамлар қалби ва шууридан чуқур жой олди. Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, эл-юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлаш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди.
Мустақиллик кунларида миллатимиз ойдинлари хотирасини эъзозлаш, хизматларини эслаш яхши анъана бўлиб келаётгани, уларнинг руҳларига дуолар қилиниши энг эзгу амалларимиздандир. Шу мақсадда, жорий йилнинг 31 август куниси Президентимиз Шавкат Мирзиёев Шаҳидлар хотираси хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этиш маросими иштирок этди.
Мазкур маросимда Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилиниб, элга ош тортилди. Чунки улар халқимиз озодлиги учун, бугунгидек эмин-эркин кунлар учун интилган эди. Бу сана Ватанга фидойилик унутилмаслигини, ҳамиша қадрланишини англатади.
2001 йилдан буён 31 август “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Жадид боболаримизнинг руҳларини шод этиш, ҳаёти ва меросини ўрганишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда. Сўнгги йилларда «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи реконструкция қилинди.
Мустабид тузум даврида миллион-миллион бегуноҳ инсонларнинг умри хазон бўлганини, қанча-қанча оилалар хонавайрон бўлиб, қанча-қанча гўдаклар етим қолганини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди. Биргина 1937-38 йиллардаги катта қирғин даврида 7 мингга яқин ватандошимиз отилган.
Ҳозирги хиёбон шундай қатллар ижро этиладиган мудҳиш жой бўлган. Мустақиллик йилларида у обод масканга айлантирилди. Бу ерда “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда унинг филиаллари ташкил этилди. Айни пайтда музейда Туркистон маърифатпарварларига бағишланган кўргазма очилган.
Мазкур ёдгорлик мажмуи, “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бу ерга ташриф буюрувчиларда, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдиради. Миллий меъморий анъаналар асосида барпо этилган музейга киришингиз биланоқ Чор ва шўро мустамлакачилиги даврининг фожиали манзаралари кўз олдингизда гавдалана бошлайди. Учта зал ва ўн бўлимдан иборат музейнинг биринчи залида Ўрта Осиёнинг Чор Россияси томонидан босиб олиниши ва бунга қарши кўтарилган халқ қўзғолонларидан тортиб ўтган асрнинг 30-йиллари бошларида рўй берган сиёсий қатағонларгача бўлган воқеалар билан танишиш мумкин.
Жамиятни маънавий юксалтиришда, миллий ғояни мустаҳкамлашда, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда музейларнинг алоҳида ўрни бор. Музейларни бежиз тарих, маънавият ва санъат хазинаси деб таърифлашмайди. Уларда турли-туман ноёб ва қимматбаҳо ашёлар жамланганки, халқнинг ўтмиши акс этган бу экспозициялар бизни аждодлар ҳаёти, кураши ва бой мероси билан таништиради. Музейларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда бажарадиган вазифаларидан бири таълим ва тарбия ўчоғи эканлигидир.
Мазкур музейнинг айнан Тошкент шаҳридаги Бўзсув соҳилида барпо этилгани бежиз эмас. Зотан, айни шу қаровсиз жойда зулм ва зўравонликка асосланган шафқатсиз шўролар тузуми даврида Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон сингари халқимизнинг не-не асл фарзандлари отилган, бекафан, бежаноза кўмиб юборилган.
Мустақиллик туфайли аждодларимиз олдидаги инсоний бурчимизни адо этишга имкон туғилди. Шу боис бу манзил қатағон қурбонларини хотирлайдиган муқаддас қадамжога, озод Ватанда туғилиб, камолга етаётган ёшларнинг зиёратгоҳига айланди.
1937-53 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учрагани, уларнинг 13 минг нафари отиб ташлангани яна бир бор ёдга олинди. Афсуски, тазйиқлар бу билан чекланиб қолмаган.
Эл-юртимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида, халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда қурбон бўлганлар хотираси миннатдор авлодлар ёдида абадий сақланиб қолади.
Ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб юртдошларимиз адолатсизлик қурбони бўлган. “Пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан республикамиз бўйича 40 минг киши тергов қилинган, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонга йигирма беш йил раҳбарлик қилган, ўзбек халқининг буюк фарзанди Шароф Рашидов ҳам ўлимидан кейин сиёсий қатағонга учрагани аламли эканини айтди.
Жадид боболаримиз ҳаётини ўрганиш, ноҳақ қатағонга учраган инсонлар хотирасини абадийлаштириш бўйича хайрли ишлар қилинаётгани таъкидланди.
Бугунги кунда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд этилди, ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилди. Сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилди.
Бу даврга оид тарих янги топилаётган ҳужжатлар ва ашёлар билан бойиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича “Хотира” китоблари тайёрланди. Уларга 40 мингга яқин ватандошимиз тўғрисидаги маълумотлар киритилди. Бу тўпламлар яқин вақт ичида чоп этилади.
Президентимиз шулар билан бирга қатағон қурбонлари яшаган маҳаллаларда уларнинг номлари, фаолиятини муҳрлаб қўйиш зарурлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга жадид боболаримиз тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ушбу маросимда Президент Шавкат Мирзиёев қуйидаги фикрларни айтди:
– Ҳар сафар бу ерга келиб, халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлган жасур боболаримизни эслаб, кўнглимиз таскин топади. Уларни хотирлаш, эзгу ишларини давом эттириш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Қатағон қилинган етакчиларимизнинг тақдири барчамизни мустақиллигимизни қадрлашга, уни асраб-авайлашга ундайди. Мана шундай мустақилликда, тинчликда яшашнинг ўзи Аллоҳ таолонинг катта марҳамати, неъмати. Бунинг учун шукроналик билан, унинг қадрига етиш керак.
– Бу борада адолатни тиклаш бўйича кўп ишлар қиляпмиз. Тарихчи олимлар иштирокида комиссиялар тузилди, архив ҳужжатлари ўрганилаяпти. Охирги икки йилда Ўзбекистон Олий суди 850 нафардан зиёд, бу йил 240 нафар ана шундай жабрдийда ватандошларимизнинг номини оқлади. Бундай изланишларни ҳеч қачон тўхтатмаслигимиз керак. Негаки ҳақиқатни халқимиз билиши керак.
– Музейлар қилдик, китоблар чиқаяпти, кўпчилиги оқланяпти. Лекин шу билан унутилиши керак эмас. Менинг назаримда, қатағон қурбонлари туғилиб ўсган ёки бугун авлодлари яшаётган маҳаллада, ўша ердаги мактабда уларнинг номларини ёзиб қўйсак, ҳам савобли, ҳам ибратли иш бўларди. Қолаверса, мана шундай байрамларда, хотира кунларида хонадонларини зиёрат қилиш керак. Нега уруш қатнашчиларини уйига борамизу, қатағон қурбонларини эсламаймиз?! Уларнинг ҳар бирининг ҳаёти – қаҳрамонлик. Биз буни ўрганиб, ташвиқот қилиб, ёшларимизга етказишимиз керак.
– Халқимиз у даврни яхши билиши, фахрланиши керак. Ёшлар “Бизнинг боболаримиз истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қилаяпмиз” деб ўзига савол бериши зарур. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини, шукроналик руҳини кучайтиришимиз керак.
Шаҳидлар хиёбонида
Лойқаланиб оққан бир пайтлар Бўзсув,
Бугун нимагадир сув ҳам хотиржам.
Бир маромда оққан обиҳаёт-ла
Офтоб ўз қувончин кўради баҳам.
Чуғурлашиб учар икки қалдирғоч,
Озодлик сурури қанотларида.
Дунёда тўкис бахт борга ўхшайди,
Бу озод қушларнинг ҳаётларида.
Улар тутқунликни сира ўйламас,
Эрта не бўлар, деб эсламас ҳатто.
Бу қушлар бирор бир хато иш қилмас,
Қилса, фақат одам қилади хато!
О, хато, сен бунча хунук сўз бўлдинг,
Бир кунда қулатдинг қанча чинорни.
Сўнг эса, танини ўтда қовурдинг,
Улар кўрмадилар қайтиб баҳорни.
Хилватда отилди қанча зиёли,
Титраса она Ер ичдан титради.
Ойдинда йўқотиб мард ўғлонларин
Йиғласа, она халқ чиндан йиғлади.
Тупроққа ҳам раво кўрмади ҳатто
Ўзбегимнинг асл ўғлонларини,
Отиб ҳам тўймади номард, нокаслар
Ўзбекнинг Қодирий, Чўлпонларини.
Отилгани камдек ёқилди улар,
Минг йиллик қабоҳат уйғонган куни.
Ўзбекнинг ичидан чиққан сотқинлар
Заҳарли илондек тўлғонган куни.
Бир айби – ёзишни биларди улар,
Қўлдаги қуроли фақатгина сўз!
Уларни ҳис қилмай яшаш бефойда,
Сўқир бўлиб қолсин йиғламаган кўз!
Улар мағрур турди сўнгги дамда ҳам,
Юрагига ютиб гўзал орзуни.
Энг тоза орзулар қатл қилингач,
Қандай тонг отдийкин эртаси куни…
Дилда уйғонади аждодлар ёди,
Юракни ўртайди норасо тарих.
Ўтмишда неки бор, ёзилиб бўлган,
Уни тузатолмас ҳеч бир муаррих.
Уларни безовта қилса қиларди
Ортда қолганларнинг аччиқ фарёди,
Озод қушлар каби озод авлодга
Энди сабоқ берар шаҳидлар ёди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди
05.09.2022 йил Тошкент Тиббиёт Академияси Травматология, ортопедия, ХДЖ ва нейрохирургия кафедрасида мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда кафедра профессор-ўқитувчилари, магистр, клиник-ординатор ва талабалар иштирок этишди. Дастлаб кафедрамиз мудири т.ф.д. Хўжаназаров Илхом Эшкулович сўзга чиқиб, тадбирни очиб бердилар. Сўнг кафедра доценти Қосимов Аъзам Азимович маъруза қилдилар.
Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 31 йил тўлди. Мустақиллик халқимиз учун ўз тақдирининг хақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб хаёт кечириш, юртимизда хуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди. Айни пайтда у хар бир одамнинг иктисодий, ижтимоий сохаларда истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, хукук ва эркинликларини рўёбга чиқаришининг мустахкам заминидир.
Мустақиллик йилларида кўхна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда мехр-окибат, бағрикенглик хамжихатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий кадриятларга хурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди.
Мамлакатимиз мутакиллигининг 31 йиллигини нишонлаш арафасида, ўтган давр мобайнида босиб ўтилган мураккаб йўлимизга яна бир бор назар ташлаш, мустакил тараккиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришган натижаларни холисона бахолаш ва уларнинг мохияти ва ахамиятини кенг жамоачилик, бутун халкимизнинг онги шуурига етказиш максадга мувофикдир.
Дархакикат, мустакиллик туфайли ўзлигимизни англадик, озод халк, мустакил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салохиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони очилди. Озодлик боис бизни жахон таниди, халкимизнинг фидокорона мехнати, ёшларимизнинг ғайрати, азму шижоати ила ватанимизнинг шон-шухрати олам узра янада кенгрок ёйилмокда.
Мустақиллик йилларида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида соғлиқни сақлаш тизими тубдан ўзгарди. Аҳолининг сифатли тиббий хизматдан фойдаланиши Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни билан мустаҳкамланди.
Соғлиқни сақлаш соҳасини ва тиббий таълимни ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан биридир, – деди Илхом Эшкулович Хужаназаров. – Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, даволашнинг замонавий технология ва усулларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.